Yurtimiz hayotidagi yangiliklar

Кореянинг вирус ўчоғига айланган шаҳридан репортаж: ватандошлар қандай фикрда?
02 март 2020
(0 votes)

Кореянинг вирус ўчоғига айланган шаҳридан репортаж: ватандошлар қандай фикрда?

SARS-CoV-2 коронавирусини юқтириб олганлар сони бўйича Жанубий Корея Хитойдан кейинги иккинчи ўринда қолмоқда. 1 март ҳолатига кўра, мамлакатда 3700дан ортиқ кишида касаллик аниқланган, 21 бемор вафот этган.

Кореянинг марказий ҳудудида жойлашган Тэгу шаҳри мамлакат бўйлаб коронавирус тарқалишининг асосий ўчоғи бўлиб турибди.

Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов мазкур шаҳарда бўлиб, у ерда яшаётган ўзбекистонликлар билан мулоқотда бўлди.

Ватандошларимиз коронавирус тарқалиши, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги авиқатнов тўхтатилиши хабарига ва умуман аслида вазият қандай эканлигига турлича муносабат билдирдилар.

Дўкон ходими:

– Дўконимиз айнан Тэгу шаҳрида жойлашган. Харидорларимизнинг асосий қисми – ўзбеклар. Бу мавзеда ватандошларимиздан тахминан 500 киши яшайди. Уйга қайтганлар жуда борса 15-20 фоизни ташкил этса керак. Қолганлар одатдагидек харид қилиш учун келиб туришибди.

Завод ишчиси:

– Тэгу шаҳрида, коронавирус ўчоғида бўлсак-да, одатдагидек ишга қатнаб турибмиз. Авиақатновлар тўхтатилиши масаласига келсак, бу қарорни тўлақонли маъқуллайман! Кореяда бундай эпидемияларга тайёргарлик салоҳияти анча юқори. Киши касалланган тақдирда ҳам,  бу ерларда даволаниш қулай. Корея ҳукумати томонидан бепул амалга оширилади.

Ўзбекистондаги яқинларни хавф остига қўйиб, у ёққа боргандан фойда йўқ. Кореяда 75 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси бўлса, буларнинг барчасига рейс ва карантин шароитларини тайёрлашнинг ўзи бўладими?

Тадбиркор:

– Кунига юзлаб ўзбекистонликлар билан мулоқотда бўламиз. Ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган ваҳима бу ерларда сезилмайди. Ҳамма ўз иши билан банд. Лекин вирус тарқалмаган дея олмайман. Касалликка чалинган беморлар даволанаётган шифохона ишхонамизга 4 километрлик оралиқ масофада жойлашган.

Бир пайтнинг ўзида ҳам соғлом турмуш тарзи ва ҳимоя чораларини кўришга, ҳам турли асоссиз ваҳималар кўтаришдан тийилишга чорлаган бўлар эдим.

Фарзандини даволатишга олиб келган она:

– Фарзандим учун бироз хавотир оляпман. Имконим бўлганда уйга қайтар эдим. Лекин қизимнинг даволаниш жараёнлари давом этаётгани боис, Ўзбекистонга қайта олмаймиз. Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетишига умид қиламиз.

Ресторан ошпази:

– Биз оиламиз билан Тэгу шаҳрида яшаб, шу ерда ишлаймиз. Фарзандларим ҳам шу ерда. Қўрқув, ваҳима бизда йўқ. Ваҳиманинг ҳаммаси Ўзбекистонда бўлаётгандек.

Ҳурматли ота-оналар, хавотир олманглар. Вазият сиз ўйлаганчалик қўрқинчли даражада эмас. Корея ҳукумати томонидан назорат остига олинган.

Талаба:

– Ўзимда қўрқув йўқ, лекин оила аъзоларим ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хил хабарлар сабаб хавотирда қолишган. Тун-у кун менга қўнғироқ қилиб қайтишим кераклигини айтишяпти.

Бу ҳам бир синов. Ҳадисларда келтирилишича, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) айтган эканлар: «Вабо тарқаган жойга борманг ва вабо тарқаган жойдан чиқманг». (Абдурраҳмон ибн Авфдан Имом Бухорий ривоят қилган – таҳр.)

Шундай экан, Ўзбекистондаги оила аъзоларимизни хавф остига қўйгандан, шу ерда сабр қилишимиз керак деб ўйлайман.

Биз суҳбатлашган ўндан ортиқ ўзбекистонлик ҳозиргача ватандошлар орасида вирус юқтириш ҳолати ҳақида эшитишмаганини билдирди.

Умуман, вирус ўчоғига айланган шаҳардаги ҳамюртларимиз билан суҳбатларда уларнинг кўпчилиги вазиятдан хотиржамлиги, қўрқув ва таҳликада эмаслиги ойдинлашди.

Шундай бўлса-да, ватанга қайтишни истаётган, бироз хавотир ичида қолган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Аммо улардан аксарияти яқин кунларда бу дард бартараф этилишига ишонмоқда ва сабр билан воқеалар ривожини кузатишини, тавсия этилган қоидаларга риоя қилишларини таъкидлашяпти.

O'qilgan: 300 bora

ALOQA

    • Toshkent viloyati, Nurafshon shahri, Toshkent yo‘li ko‘chasi / 90 uy.
    • 707626016

Этот адрес электронной почты защищён от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.