Yurtimiz hayotidagi yangiliklar

Депутатлар 2020 йилги давлат бюджетини тасдиқлади. Мактаблар учун қўшимча 50 млрд сўм ажратилди
28 нояб 2019
(0 votes)

Депутатлар 2020 йилги давлат бюджетини тасдиқлади. Мактаблар учун қўшимча 50 млрд сўм ажратилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 ноябрдаги ялпи мажлисида «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Депутатлар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқуллаган, депутатлар томонидан кўплаб саволлар ва таклифлар берилганди. Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Давлат бюджети бошқармаси олдига ҳукумат билан биргаликда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза, таклифлар асосида, мутахассислар ва экспертлар иштирокида ҳар тарафлама муҳокама қилиб, маромига етказиш топширилган эди.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқиш учун ялпи мажлисга киритилгунига қадар бўлиб ўтган қўмиталар, фракциялар, ишчи гуруҳ йиғилишлари ҳамда палата ялпи мажлисидаги муҳокамаларда 100дан ортиқ таклифлар билдирилди. Улардан 60га яқини принципиал таклифлардир.

Депутат Мақсуд Қурбонбоевнинг айтишича, таклиф ва мулоҳазалардан ҳамда қонунчилик техникаси, тилшунослик қоидаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасининг 17та моддасига 42та ўзгартириш, 4та моддасига қўшимчалар киритилди, 2та моддаси эса тўлиқ чиқариб ташланди.

Мақсуд Қурбонбоев

Шунингдек, айрим масалалар мазкур қонун лойиҳаси предмети эмаслигидан келиб чиққан ҳолда, бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳал этилишига келишилди. Бошқалари бўйича асосли тушунтиришлар берилди.

Жумладан, қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи республика бюджетига ўтказилиши таклиф этилган эди. Депутатларнинг бу тартиб маҳаллий ҳокимликларнинг тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга бўлган қизиқишини камайтириши мумкин, деган фикридан келиб чиқиб, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тушумларининг маҳаллий бюджетларда 50 фоизи қолдириладиган бўлди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимоялаш мақсадида лойиҳанинг 21-моддасига қўшимча равишда маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса, харажатларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамасига бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат этиши, шунингдек, ушбу тартибда туман ва шаҳар ҳокимликлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат этиши белгилаб қўйилишини кўзда тутувчи алоҳида банд киритилди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасидаги «парламент ажратмалари» тушунчаси «республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Қонун лойиҳасида қўшимча даромадлар ҳисобидан республика бюджетининг тасдиқланган жами харажатларини 3 фоизгача ошириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан, ундан ортиқ миқдорларда эса Олий Мажлис палаталари рухсати билан амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, лойиҳага давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатларига ўзгартириш киритиш тартиби бўйича ҳам тегишли қўшимчалар киритилди.

Депутатлар томонидан маҳаллий бюджетларнинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга жойлаштириш ваколатини ҳудудларнинг ўзига бериш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромадини кўпайтириш таклифи билдирилган эди. Мазкур таклифни амалга ошириш механизми пухта ўйлаб ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқлиги ҳамда ушбу қонун лойиҳаси билан эмас, балки алоҳида меъёрий ҳужжат билан тартибга солиниши лозим, деган қарорга келинди.

Шунингдек, вақтинча бўш турган маблағларини депозитга жойлаштириш Молия вазирлиги томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда амалга оширилиши ва олинадиган фоиз даромадлари тегишли ҳудуд маҳаллий бюджетига йўналтирилишига келишилди.

Бундан ташқари, депутатлар таклифига кўра, 2020 йил учун давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун 97 млрд сўм маблағга қўшимча равишда, давлат бошқарув органлари харажатларини мақбуллаштириш ҳисобидан қўшимча 50 млрд. сўм маблағ ажратиладиган ҳамда 2020 йилнинг 1 мартига қадар умумтаълим мактабларини жиҳозлаш бўйича беш йилга мўлжалланган алоҳида дастур ишлаб чиқиладиган бўлди.

Молия вазирлигига Ўзбекистон президентининг 2020 йилги давлат бюджети ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқиладиган қарори лойиҳасида 2020 йилнинг 1 апрелига қадар вазирлик ҳамда идораларнинг бюджетдан ташқари даромад ва харажатларини тартибга солиш бўйича топшириқни кўзда тутиш таклифи берилди.

Шунингдек, 2020 йилги давлат бюджети ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқиладиган президент қарори лойиҳасига ўзини ўзи тўлиқ молиялаштиришга ўтадиган олий таълим муассасалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш бўйича топшириқ белгиланишига келишилди.

Келгуси йилларда талабалар сони босқичма-босқич ошиб боришини ҳисобга олиб, депутатлар таклифи асосида 2020 йилда қўшимча 500та докторантура ҳамда шогирд-тадқиқотчиликка қабул квоталари учун маблағлар ажратиш кўзда тутилмоқда.

Маҳаллий бюджетларда шаклланган қўшимча манбаларни биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилашга йўналтириш таклифи қонун лойиҳасига киритилди.

Парламент вакилларининг кун тартибидаги масалалар юзасидан берган саволларига Бош вазир ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров, тегишли вазирликларнинг мутасаддилари жавоб қайтарди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ҳамда Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳининг сўзга чиққан вакиллари ҳукумат томонидан тақдим этилган бюджет лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирдилар.

Қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиниб, уни Сенатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Жамшид Қўчқоров

Шундан сўнг Молия вазири Жамшид Қўчқоров сўз олиб, кун тартибидаги масаланинг аҳамиятига тўхталди.

«Давлат бюджетининг қонун шаклида қабул қилиниши бу бир оддийгина расмиятчилик эмаслигини депутатларимиз яхши тушуниб, биз билан шунчалик муҳокама қилишди. Шундай саволлар бўлдики, бир йилдан буён тайёрланиб юрган ишимизда ҳам эътиборимиздан четда қолиб кетган нарсаларни кўрдик. Умуман олиб қараганда, берилган таклифлар, саволлар, ҳамма-ҳаммаси конструктив тусдаги саволлар бўлди. Ҳаммаси. Шунинг учун ҳам ҳукумат вакиллари айрим катта масалалар бўйича давлатимиз раҳбарияти билан маслаҳатлашган ҳолда ҳар бир депутатнинг таклифини инобатга олишга ҳаракат қилдик», деди Жамшид Қўчқоров.

O'qilgan: 307 bora

ALOQA

    • Toshkent viloyati, Nurafshon shahri, Toshkent yo‘li ko‘chasi / 90 uy.
    • 707626016

Этот адрес электронной почты защищён от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.